photo_3.jpg

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Тошматов ва бошқалар мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучлари олдига давр талабига мувофиқ офицер кадрлар тайёрлашдек долзарб вазифа қўйилганини таъкидлади. 

Президентимиз ташаббуси билан 1995 йил 2 сентябрда ташкил этилган ушбу академия олий ҳарбий таълим тизимида янги саҳифани очиб берди. Ўтган даврда академия етакчи олий ҳарбий таълим муассасасига айланди ва офицер кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, мамлакатимиз ҳарбий таълим тизимининг илмий-тадқиқот салоҳиятини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоизки, академияда таълим-тарбия жараёни мунтазам равишда такомиллашиб бормоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 4 августдаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Махсус маъруза машғулотларини ўтказиш учун мамлакатимиз бошқарув органлари ва қўшинларининг етакчи мутахассислари, олий ўқув юртлари, шунингдек, хорижий давлатлар ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот марказларининг экспертлари ҳамда мутахассислари таклиф этилмоқда. Бу ерда юқори малакали ҳарбий-илмий ва илмий-педагогик кадрларнинг мавжудлиги туфайли йил сайин таълимнинг замонавий шакл ва услублари, илғор ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш ва компьютер симуляцияси услублари, замонавий тренажёр комплекслари ҳамда тизимларини жорий этиш ишлари кенгайиб бораётир.

– Олий ҳарбий таълим муассасамиз ташкил этилган кун мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг чет тиллар кафедраси мудири Галина Балашова. – Айни пайтда бу ерда нафақат қўшинларни бошқара оладиган, балки бугунги кунда долзарб бўлган вазифаларни ҳал қилиш учун стратегик фикрлаш қобилияти ва махсус кўникмаларга эга юқори малакали офицерлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, акдемия тингловчилари чет тилларни билиши зарур. Шунинг учун айрим фанлар, масалан, “Ахборот технологиялари” фани инглиз тилида ўқитилмоқда.

Таъкидлаш керакки, ушбу муассасага асос солингандан буён 2 мингдан зиёд офицер кадрлар тайёрланди ва малака оширди. Бугун ушбу битирувчилар Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий қисм ва бўлинмалари, олий ҳарбий таълим муассасалари ва идораларини муваффақиятли бошқармоқда. Энг муҳими, академия битирувчилари замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўшинлар фаолиятига кенг жорий этиш соҳасида ҳам самарали меҳнат қилмоқда. Бу Қуролли Кучларни тезкор-стратегик бошқариш тизимини такомиллаштириш ва бўлинмаларни реал вақт режимида бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

– Қуролли Кучлар академиясида мутахассисликлар бўйича чуқур билим олиб, дунёқарашимизни кенгайтиряпмиз, одатдан ташқари вазиятларда қарор қабул қилишни ўрганяпмиз, – дейди академия тингловчиси, майор Зоҳид Эшмуродов. – Бу ерда яратилган шароитлар ўз устимизда мунтазам ишлаш, ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқиш, ҳарбий илм-фанининг сўнгги ютуқларини кузатиб бориш имконини бераётир.
Тадбирда юқори интеллектуал салоҳиятли офицерларни ўқитиш ва тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган ўқитувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбир сўнггида Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда эстрада хонандалари иштирокида байрам концерти бўлиб ўтди.
 

Муҳаммад Қаршибоев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА