ТАРИХ
ЖАМИЯТ ТАРИХИ ВА РИВОЖЛАНИШ ДИНАМИКАСИ
Корхона тўғрисида қисқа маълумот
Янги-Қўқон кимё заводи (яъни «Қўқон биокимё» АЖ) 1983 йилда ишга туширилди. Корхонада асосан Сульфат кислотаси (500 минг.тн/йил) ва аммофос (163,5 минг.тн/йил ) махсулот турлари ишлаб чиқарилган.
Корхона 1989 йилгача бўлган ўғит ишлаб чиқариш фаолияти даврида атроф–мухитни ифлослантирганлиги сабабли тухтатилди ва қайтадан ихтисослаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 24.01.1991й №131-Р буйруғига асосан корхона махаллий буғдойдан, спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган озука этил спиртини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонунига, Вазирлар Махкамасининг 1999 йил 26 ноябрдаги №511-сонли "2000-2001 йилларда хорижий инвесторларни жалб қилган холда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарорига, Кўчмас мулк ва инвестициялар агентлигининг хулосасига хамда «Қўқон» ишлаб чикариш бирлашмаси мехнат жамоасининг аризасига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулкини Бошқариш ва Тадбиркорликни Қўллаб Қувватлаш Давлат Қўмитасининг 2000 йил 10 октябрдаги№153к-ПО сонли буйруғига асосан «Қўқон» ишлаб чикариш бирлашмаси «Қўқонспирт» очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. 2020 йил 20 июндаги акциядорларнинг умумий йиғилиш қарорига асосан жамиятнинг фирма номи «Қўқонспирт» АЖ дан «Қўқон биокимё» акциядорлик жамиятга ўзгартирилди.
Қайта ихтисослаштирилган корхонанинг биринчи навбати 1995 йилда ишга туширилди ва унинг ишлаб чиқариш қуввати 1642,8 минг декалитр йилига ташкил қилган эди. 2000 йилда эса корхонанинг иккинчи навбати ишга туширилиб, озука этил спирти ишлаб чикариш қуввати 821,4 минг декалитрни ва жами 2464,2 минг дални ташкил этди. 2012 йилда Ҳукуматимизнинг саноат корхоналарни модернизация қилиш дастурига мувофиқ, Италиянинг “Frilli Impianti” ва “MDT” корхоналаридан сотиб олинган спирт ишлаб чиқариш технологиялари биринчи навбат спирт ишлаб чиқариш цехида эски ускуналарни ўрнида ишга туширилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2828,9 минг декалитрга етказишга эришилди. 2015 йилда биринчи навбат спирт ишлаб чиқариш цехида навбатдаги модернизация дастурига мувофиқ Италиянинг “Frilli Impianti” компаниясидан олинган янги спирт ишлаб чиқариш линияси ўрнатилди. Натижада корхонанинг спирт ишлаб чиқариш линиялари тўлиқ янгиланди хамда ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда лойиҳавий ишлаб чиқариш қуввати йилига 4020,0 минг декалитрни ташкил этади.
Ҳозирги кунда «Қўқон биокимё» акциядорлик жамияти Ўзбекистон ва Ўрта Осиё ҳудудидаги, озуқа этил спирти ишлаб чиқарувчи корхоналари орасида энг йириги хисобланади.