Президентимиз Ислом Каримов Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мустақил тараққиётимиз давомида қандай улкан ютуқларга эришган бўлсак, турмушимиз янада обод ва фаровон бўлиб, одамларимизнинг ҳаётдан розилиги ортиб бораётган бўлса, бунинг негизида аввало тинчлик ва осойишталикни сақлаб, азал-азалдан шундай фазилатларни кўз қорачиғидек асраб, ёш авлодимизни ана шу руҳда тарбиялаб келаётган халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақлу заковати, мустаҳкам иродаси мужассам эканини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугун ёшларимизда юртимизнинг ёруғ истиқболига хизмат қилиш иштиёқи кучайиши билан бирга, тинчлик ва осойишталикни сақлашга камарбаста бўлиш муқаддас бурчга айланди. Ҳарбий соҳада ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилишга бел боғлаётган йигит-қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани шундан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби ва Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртига жорий ўқув йилида ҳар томонлама етук ёшлар ўқишга қабул қилинди. Улар 1 сентябрь – Мустақиллик куни Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев, академия бошлиғи Ш.Икромов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос тизими яратилгани ички ишлар идораларини етук мутахассислар билан тўлдиришга замин яратмоқда.
Вазирлик тизимидаги олий ўқув даргоҳларида таълим жараёни замонавий давлат таълим стандартлари, ахборот ва илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда намунавий ўқув режалари асосида олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунда муҳим омил бўлиб, шу асосда ички ишлар идоралари учун кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди.
Ички ишлар вазирлиги академияси соҳа учун етук мутахассис ва раҳбар кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида нафақат юртимиз, балки МДҲ мамлакатлари орасида юқори нуфузга эга олий ўқув юртларидан ҳисобланади. Бу ерда тергов, тезкор қидирув, жиноятларнинг олдини олиш, эксперт-криминалистик фаолият йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланмоқда. Мустақиллик йилларида мазкур таълим муассасасида ўн минг нафардан ортиқ олий юридик маълумотли мутахассис, ўн мингдан ортиқ сержант тайёрланди.
Академиянинг таълим порталидан ўқув дастурлари ва фильмлари, услубий материаллар, мультимедиа тақдимотлари, қўлланмалар, маърузалар ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрин олгани тингловчиларга қўл келмоқда. Ўқув даргоҳида инновацион педагогик технологиялар, таълим телевизион марказлари, замонавий ахборот-коммуникация тизими билан жиҳозланган маъруза заллари, «Одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш» интерфаол ўқитиш ва криминалистик тадқиқотларни ўрганиш марказлари, педагогик маҳорат мактаби, криминалистик полигон, «Намунали милиция таянч пункти» ўқув ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс марказлари, «Тергов фаолияти» мутахассислиги ўқув-методик хонаси ташкил этилган бўлиб, улар тингловчиларни замон талаблари даражасида ўқитишга хизмат қилмоқда.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этган тантанали тадбирда мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдек шарафли касбни танлаган навқирон йигит-қизлар Ватанга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
– Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги нишонланаётган кунларда Ватанга содиқлик ҳақида қасамёд қилиш юрагимни фахру ифтихорга тўлдирди, – дейди биринчи курс тингловчиси Темурбек Боймирзаев. – Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш бизнинг эзгу ва олий мақсадимиздир.
Норгул Абдураимова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА